Украина АҚШдан $3,9 млрд миқдорида грант олди
Украина бош вазири Денис Шмигал ўзининг Телеграм-каналида Киев Жаҳон банки орқали АҚШдан 3,9 миллиард доллар миқдорида грант олгани ҳақида хабар берди.
“Украина Жаҳон банки орқали АҚШдан 3,9 миллиард доллар қайтарилмайдиган грант олди”, — деб ёзади у.
Унинг сўзларига кўра, бу жорий йилда АҚШ томонидан тўғридан-тўғри бюджетни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи траншдир.
Унинг қайд этишича, бу маблағлар ўқитувчилар, шифокорлар ва қутқарувчиларга маош тўлаш учун сарфланади. Шунингдек, Шмигалга кўра, Киев 2024 йилда Вашингтондан 7,8 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри бюджет ёрдами олиши керак.
Бундан олдин Шмигал Киев сентябрь ойида ЕИдан 4,1 миллиард евро миқдоридаги траншни кутаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат Ukraine Facility дастури бўйича 2024 йилнинг иккинчи чораги учун кўрсаткичларни муваффақиятли бажарган ва Европа Комиссиясининг ижобий баҳосини олган.
Шарҳлар