Украина ҳарбийлари Херсонда Россия қўшинлари тўпланиб турган жойга зарба берди
Украина ижтимоий тармоқларида Украина қуролли кучлари (УҚК) Херсон вилоятининг босиб олинган қисмидаги Подо-Калиновка қишлоғи яқинидаги очиқ жойда тўпланган россиялик ҳарбий хизматчиларга зарба бергани ҳақидаги хабарлар видеоси билан бирга пайдо бўлмоқда, деб ёзади BBC. Бироқ бу хабарлар ҳозирча тасдиқлангани йўқ.
Подо-Калиновка Днепр чап қирғоғидаги сўнгги ойларда шафқатсиз жанглар бораётган Кринокдан кўпи билан 27 км масофада жойлашган. Даъво қилинишича, зарба HIMARS’дан отилган ракеталар билан берилган.
Украинанинг Херсон йўналишидаги махсус хизматлари офицери бу жойда россиялик қўшинларга ҳужум қилингани фактини тасдиқлади. Россия томони эса ҳодиса ҳақида расман хабар бергани йўқ.
Аввалроқ, 21 февраль куни Украинанинг Волноваха шаҳри яқинидаги полигон HIMARS ёрдамида ўққа тутилгани, оқибатда ўнлаб россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлгани хабар берилганди. 65 нафар қурбон ҳақида маълум қилинганди, аммо Байкалорти ўлкаси губернатори бу рақамлар ошириб кўрсатилганини даъво қилганди.
Шарҳлар