Украина билан уруш бошланганидан буён жанговар ҳаракатлар қатнашчилари томонидан кўрсатилган зўравонликдан жабрланган аёллар сони икки баравар ошди

Фото: «Верстка»

“Вёрстка” нашри сўнгги тўрт ярим йил давомидаги суд маълумотлари базаларини таҳлил қилди.

“Вёрстка” 2020 йилдан 2021 йилгача жанговар ҳаракатларда қатнашган кишилар айбланган зўравонликлар бўйича 92 та жиноий ва маъмурий ишларни келтиради (сўз нафақат Украинадаги уруш, балки Афғонистон, Чеченистон ва бошқа мамлакатлардаги уруш ҳақида ҳам боряпти). 65 ҳолатда қурбонлар аёл бўлган, 27 ҳолатда эса – эркак.

2022-2023 йилларда бундай ҳолатлар сони 167 тага етган. Уларнинг 109 тасида аёл, қолганида эркаклар жабрланган.

“Вёрстка” аниқлаганидек, жангчиларга калтакланганлик учун бериладиган энг кенг тарқалган жазо беш минг рубль миқдорида жарима, мажбурий ёки ахлоқ тузатиш ишлари (яъни қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазолар) бўлган.

Шу билан бирга, жанговар ҳаракатлар қатнашчиси мақомига эга бўлган эркаклар имтиёзлироқ мавқега эга, деб ёзади  “Вёрстка”. Судьялар жиноий ишларнинг 87,5 фоизида ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг 61 фоизида айбланувчининг урушдаги иштирокини енгиллаштирувчи омил сифатида кўрсатган.

Хусусан, 2024 йил февраль ойида судья рафиқаси ва ўгай қизини калтаклаган севастополлик Украинадаги уруш қатнашчисига жарима тайинлаган. Аёлнинг сўзларига кўра, уйдаги жанжал пайтида эри унга «Украинада у ва қизи каби одамларни ўлдирганини» айтган.

Шифокорлар аёлнинг қўллари, оёқлари ва орқа қисмида 5 та шилинган жойларни ва 15 та кўкарган жойни қайд этган. Жарима тўлаш тўғрисида қарор қабул қилганида, судья эркак жанговар ҳаракатлар фахрийси эканини ҳисобга олган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.