Украина Бош прокурори: Донецк областида украин ҳарбийсининг боши олинган

Фото: Голос Украины

Украина Бош прокурори Андрей Костин Бош прокуратурага “Россия босқинчи кучларининг Донбасснинг Волноваха районидаги бўлинмаларидан бирининг қомандирлари украиналик ҳарбийларни асирга олмаслик, балки уларни ғайриинсоний шафқатсизлик билан ўлдириш, яъни бошини олиш ҳақида буйруқ бергани тўғрисида маълумот олганини айтди.

Андрей Костиннинг сўзларини Украина Бош прокуратураси ўзининг расмий веб-сайтида келтиради, унда “Украиналик ҳимоячининг бошини кесиш факти Донецк областида қайд этилган”и тасдиқланган.

“Украина ҳарбийлари Донецк областидаги жанговар позициялардан бирида ҳаводан разведка ўтказиш чоғида Украина мудофаа кучларининг шикастланган зирҳли машинасини топди. Унда украиналик ҳимоячининг кесилган боши бор эди”, — дейилади хабарда.

Бош прокуратура томонидан чоп этилган фотосуратда капотнинг ўша қисми хиралаштирилган. Россия томони бу баёнотга изоҳ бермади.

Судгача терговни Донецк ва Луганск областларидаги Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) бошқармаси олиб бормоқда.

“Бундай ҳаракатлар Женева конвенциясининг ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисидаги моддалари ва халқаро қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилишга оид Женева конвенцияларининг қўшимча протоколи қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади”, — дейилади Украина Бош прокуратураси офисининг хабарида.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.