Украина БРБ бўлинмалари Волчанск агрегат заводини Россия қўшинларидан озод қилди

Фото: Минобороны Украины

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (БРБ) Харьков областидаги Волчанск агрегат заводини озод қилиш бўйича операция муваффақиятли якунланганини маълум қилди.

“Мураккаб ва муваффақиятли операция натижасида БРБ бўлинмалари завод ҳудудини тўлиқ озод қилди ва корхонанинг барча биноларида босқинчиларни йўқ қилди. 24 сентябрь, сешанба куни соат 14:40 да Бош разведка бошқармаси махсус бўлинмаси командири Тимур Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановга операция якунлангани ҳақида ҳисобот берди”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, операция Бош разведка бошқармасининг “Стугна”, “Парагон”, “Юнгер”, БДК ва “Террор” махсус гуруҳлари томонидан амалга оширилган.

Объектнинг барча 30 та биноси озод этилганидан сўнг, агрегат заводи ҳудуди Украина Қуролли кучлари назоратига ўтказилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.