Украина дронлари Кавказ портидаги паромга ҳужум қилди, бир киши ҳалок бўлди
Краснодар ўлкасидаги Кавказ портида Украина дронлари паром кемасига ҳужум қилиб, ёнғинга сабаб бўлди.
Ҳужум натижасида экипаж аъзолари ва порт ходимлари жароҳатланган, бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят губернатори Вениамин Кондратьев маълум қилди. Кубан оператив хизматлари маълумотларига кўра, беш киши жароҳатланган.
Воқеа жойида мутахассислар зарба оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланмоқда. Губернатор ёнғин маҳаллий эканлигини ва ёнғин тарқалиши хавфи йўқлигини таъкидлади.
Таман ярим оролидаги Керч бўғозининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Кавказ порти Россиядаги энг йирик йўловчи портларидан биридир. Унинг майдони 46,5 гектар, юк терминалларининг ўтказувчанлиги йилига 27,5 миллион тоннани ташкил этади. 2023-йилда портнинг юк айланмаси 28,1 фоизга ошиб, 21,4 миллион тоннани ташкил этди.
Бир кун аввал Краснодар ўлкаси ҳам Украина Қуролли кучлари томонидан ҳужумга учраган: Туапседаги “Роснефт” нефтни қайта ишлаш заводига учувчисиз учоқлар урилган, натижада ёнғин келиб чиққан ва объект инфратузилмаси шикастланган. Завод мамлакатдаги энг йирик ўнта заводдан бири бўлиб, Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги ягона нефтни қайта ишлаш заводидир.
Шарҳлар