,

Украина дронлари Қримга ва Россиянинг 4 та вилоятига ҳужум қилди, 21 та дрон уриб туширилди

Фото: EPA

Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари 30 январга ўтар кечаси самолёт туридаги 21 та учувчисиз учар қурилмаларни йўқ қилган ва тутиб қолган, деб ёзади Meduza. Россия томони ҳужумда Киевни айблади.

Мудофаа вазирлиги маълумотларига қараганда, 11 та учар қурилма Қримга ҳужумда қатнашган. Бундан ташқари, бешта дрон Белгород вилоятига, учтаси — Брянск, биттаси Калуга ва яна биттаси Тула вилоятларига ҳужум қилган.

Босиб олинган Севастополь шаҳри раҳбари Александр Развожаев ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари Бельбек яқинида акватория устида дронни уриб туширганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Севастополь инфратузилмасига зарар етмаган.

Мудофаа кучлари Калуга чеккасида учар қурилмани уриб туширган, дрон бўлаклари техник нотурар иншоот томига қулаган, дея хабар қилди Калуга вилояти губернатори Владислав Шапша. Унинг айтишича, ёнғин юзага келмаган, ҳеч ким жабрланмаган.

Брянск вилоятида учар қурилма Навлинский тумани осмонида йўқ қилинган, деди минтақа раҳбари Александр Богомаз. У жабрланганлар ва вайронагарчиликлар бўлмаганини айтди.

Тула вилояти минтақавий хавфсизлик вазирлиги маълум қилишича, учувчисиз учар қурилма бўлаклари қулаши оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган, инфратузилмага зарар етмаган.

Белгород вилояти маъмурлари ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Айни вақтда Украина қуролли кучлари бош штаби баёнот беришича, 30 январга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага 35 та учувчисиз учар қурилма билан ҳужум қилган, Украина қўшинлари 15 та дронни уриб туширган.

Кривой Рогда битта дрон фуқаролик инфратузилмаси объектига тушган, ёнғин юз берган, ҳеч ким жабрланмаган. Иккинчи учар қурилма шаҳарга учиб кириш чоғида уриб туширилган. Николаев вилоятида дрон бўлаклари юк машинасига қулаб, ёнғинга сабаб бўлган, ҳайдовчи жабрланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.