Украина ғарб қуроли билан Россия ҳудудига аввалроқ зарба берган — AFP
Украина Россияга зарба бериш учун аввалроқ ғарб қуролларидан фойдаланган. AFP маълумотларига кўра, Украина армияси охирги марта Россия жанубидаги Краснодар яқинида амалга оширган ҳужумида Ғарб томонидан етказиб берилган қуроллардан фойдаланган. Сўз қайси объект ҳақида бораётгани номаълум.
Германиянинг Bild газетаси ўз маълумотларига таяниб, Украина Қуролли кучлари Украинага ҳужум қилаётган Россия самолётларига қарши “чоралар кўриш” учун Германиядан олинган Американинг Patriot тизимидан камида бир марта фойдалангани ҳақида хабар беради.
Шундан сўнг, нашрга кўра, Берлин ва Вашингтон, агар бу ҳолат яна такрорланса, етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилган.
Bild нашрининг қайд этишича, Украинага ҳужум қилаётган Россия самолётларига қарши Ғарб қуролларидан фойдаланиш тақиқланган. Ҳарбийлар учирилган ракеталар Украина ҳудудига етиб келишини кутиши керак.
Украина ҳукумати узоқ вақтдан бери Россиядаги ҳарбий объектларга зарбалар беришга рухсат олишга интилиб келади. Сўнгги пайтларда тобора кўпроқ Ғарб сиёсатчилари ҳам Украина Қуролли кучларига бундай зарбаларни амалга оширишга рухсат беришга чақирмоқда.
Қўшма Штатлар анъанавий равишда Россияга зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга қарши бўлиб, бу Россия Федерацияси билан тўғридан-тўғри можарога олиб келишидан қўрқади. Шу билан бирга, Буюк Британия ва Франция Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун етказиб берилган узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат берди.
Владимир Путин 28 май куни Ғарб давлатлари Украинага Россияга зарба бериш учун қурол ишлатишига рухсат берса, бу “жиддий оқибатларга олиб келиши” ҳақида огоҳлантирди.
Шарҳлар