Украина ИИВ: россиялик ҳарбийлар Волчанск аҳолисини асирга олиб, отиб ташламоқда
Украина Ички ишлар вазирлигининг раҳбари Игорь Клименконинг айтишича, шаҳарда мустаҳкам ўрнашиб олишга уринаётган рус қўшинлари тинч аҳолини эвакуация қилишга имкон бермаяпти, одамларни ўғирлаб, ертўлаларга ҳайдамоқда.
“Россия ҳарбийлари томонидан тинч аҳолининг илк отиб ташланиши ҳолатлари ҳақида маълум бўлди. Хусусан, Волчанск аҳолисидан бири қочишга уринган, босқинчиларнинг буйруқларини бажаришдан бош тортган – руслар уни ўлдирган”, — деб ёзади Клименко ўзининг Телеграм-каналида.
Украина Миллий полициясининг Харьков областидаги терговчилари уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш бошлади.
Клименконинг қўшимча қилишича, полиция Волчанскда шиддатли жангларга қарамай, ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва аҳолининг кейинги эвакуация қилинишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Россия қўшинлари 10 май куни Харьков областига ҳужум бошлади. 13 май куни Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Россия ҳарбийлари Волчанск учун жангларда “тактик муваффақиятга эришганини” маълум қилди. Эртаси куни Украина қуролли кучлари ўз кучларини шаҳар яқинига «қулайроқ позицияларга» ўтказганини эълон қилди. 16 май куни Бош штаб Украина ҳарбийлари Россиянинг Волчанск шаҳарлари ҳудудларида олға силжиш ва мустаҳкам ўрнашиб олиш режаларини барбод қилганини маълум қилди.
Шарҳлар