Шольц Украина яқин 30 йил ичида НАТОга қўшилмаслигини айтди
Германия канцлери Олаф Шольц фикрича, Украина яқин келажакда НАТОга аъзо бўлмаслиги мумкин. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақда у икки ярим йил аввал ҳам айтиб ўтган, ўшандаёқ бу “ҳаммага кундай равшан бўлган”, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“Бу орада, ўша вақтда уруш учун айтилган сабаблардан бири Украинанинг гўёки НАТОга қўшилаётгани бўлганди. Сиз (НАТО саммитлари) қарорини биласиз — яқин орада бунақа бўлиши кутилмаяпти. Катта эҳтимол билан, яқин 30 йил ичида ҳам”, — деди Шольц Берлинда фуқаролар билан учрашувда.
Украина президенти Владимир Зеленский 2022 йил сентябрида НАТОга қўшилиш учун ариза берган эди. 2023 йил июлида альянс саммити якунлари бўйича, G7 мамлакатлари Киев хавфсизлиги кафолатлари тўғрисида декларация имзолади, шунингдек, Украина—НАТО кенгаши тузилганини эълон қилди. Аввалроқ АҚШ ва Германия ҳукуматлари Украинани НАТОга таклиф қилишни кейинга қолдирмоқчи экани маълум қилинганди.
Шарҳлар