Норвегия ва Украина хавфсизлик соҳасида битим имзолайди
Норвегия ва Украина хавфсизлик соҳасида икки томонлама битим тузишга келишиб олди, деб ёзади DW.
“Норвегия Украинага узоқ муддатли ҳарбий, сиёсий, молиявий ва гуманитар кўмак тақдим этади”, — деди Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде 15 апрель куни Киевда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан кейин.
Битим Зеленский ва Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре ўртасидаги учрашув чоғида имзоланади (унинг санаси ҳозирча номаълум). “Битим бундан икки йил аввал Россиянинг шафқатсиз, тўлиқ кўламли ҳужумидан кейин бўлганидек, Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга сиёсий жиҳатдан содиқлаигимизни намоён қилади”, — дея қўшиб қўйди Эйде.
2023 йилда Норвегия Киевга тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Фритьоф Нансен номидаги кўп йиллик дастур доирасида қарийб 7 миллиард евро ажратди. Дастур 2027 йилга қадар Украинанинг ҳарбий ва гуманитар эҳтиёжларига ҳар йили маблағлар ажратишни кўзда тутади.
Ўқ-дорилар етишмовчилиги ва Россия армиясининг фронтда илгарилаб кетиши фонида Киев европалик иттифоқчилари билан хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Украина бундай икки томонлама келишувларни Германия, Буюк Британия ва Франция каби бир нечта мамлакатлар билан ҳам имзолашга улгурган.
Шарҳлар