Украина омбудсмани Харьков йўналишида асирларни таҳқирлаш акс этган видео сабабли БМТга мурожаат қилди
Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинец украиналик ҳарбий асирларнинг, эҳтимол, Харьков йўналишида таҳқирлангани акс этган видео интернетда тарқалгани сабабли Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва БМТга мурожаат қилди.
“Интернетда рус аскарлари украиналик ҳарбий асирларни таҳқирлаётгани акс этган видео тарқалмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, бу Харьков йўналишида содир бўлган, у ерда руслар ҳозирда ҳужум ҳаракатларини амалга оширишга уринмоқда.
Видеода калтаклаш, таҳқирлаш, таҳдид қилиш ва отиб ташлаш тақлид қилинган ҳолатлар қайд этилган. Афсуски, украиналик ҳарбий асирларга нисбатан бундай муносабат истисно эмас, балки бу босқинчилар учун одатий тактикадир”.
Лубинецнинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар Женева конвенцияларининг бузилиши бўлиб, унга кўра ҳарбий асирлар ўзларига нисбатан инсонпарварларча муомала олиш ҳуқуқига эга.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат Россия томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилганлигига яна бир далил сифатида қайд этилиши керак.
“Мен ХҚХҚ ва БМТга таҳқирлаш фактини ҳужжатлаштиришлари учун расмий хатлар юбордим. Бу жиноятчилар устидан бўлажак трибунал учун далиллар базасига яна бир қўшимча бўлади”, – деб ёзади у.
Шарҳлар