Украина Patriot батареялари эвазига Россия нефть заводларига ҳужумларни бас қилиши мумкин — Кулеба
Агар Украина Patriot ҳаво ҳужумига қарши мудофаа батареяларининг янги партиясини қўлга киритса, Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг ғарблик иттифоқдошлари ундан ҳужумларни бас қилишни сўраб, аммо бунинг эвазига ҳеч нарса таклиф қилмаяпти.
“Ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб фикр юритишимиз керак. Агар шерикларимиз сизга еттита Patriot батареясини берамиз, лекин битта шартимиз бор, мана шу ва мана шуни қилманг, деса, унда гаплашса бўлади. Агар батареялар бўлмаса, ёрдам пакети бўлмаса ва сиздан нимадир сўрашса, музокаралар учун мавзу йўқ — ҳамма ўз билганича яшаш учун курашмоқда”, — деди Украина вазири “Рада” телеканали эфирида.
4 апрель куни Кулеба НАТОдан Patriot зенит-ракета мажмуаларини сўраган эди. Унинг айтишича, бу Россия ракеталарини самарадорлик билан уриб туширишга қодир ягона ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими. 10 апрель куни Washington Post’га берган интервьюсида унинг “юмшоқ” дипломатияси муваффақият келтирмаганини ва энди у Ғарбдан ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини қатъийлик билан сўрамоқчи эканини айтганди.
Украина ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, 2022 йилдан буён Россия нефтни қайта ишлаш заводларига камида 12 марта ҳужум қилинган (2024 йилда камида 9 марта). Март ўрталарида Киев икки марта дронлар ёрдамида энг йирик ҳужумларни амалга оширди, натижада кетма-кет бир неча кун ичида Россиянинг еттита энергетика объектига муваффақиятли зарбалар берилди.
Шундан кейин АҚШ ҳукумати Украинани Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни бас қилишга чақирди. Украинанинг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарбаларига нисбатан АҚШнинг муносабати ижобий бўлмаганини Зеленский ҳам тасдиқлади. Кейинроқ у ғарблик шериклар Украина ҳудудларининг ўққа тутилаётганига жавобан, Россия инфратузилмасига берилаётган зарбаларни қўллаб-қувватлаши кераклигини айтди.
Шарҳлар