Уруш пайтида сайловларни қўллаб-қувватловчи украиналикларнинг улуши ошди – сўровнома

Фото: hvilya.net

2024 йил март ойи ҳолатига кўра, ўтказилган сўровда қатнашган украиналикларнинг 22 фоизи уруш тугашидан олдин Украинада миллий сайловлар ўтказиш ғоясига ижобий муносабатда. 2023 йил сентябрь ойида бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил қилган. “Рейтинг” социологик гуруҳи томонидан ўтказилган сўров натижалари шундан далолат бермоқда.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 59,5 фоизи миллий сайловларни ўтказиш ғоясига салбий муносабатда. 2023 йил сентябрь ойида бу кўрсаткич 63,8 фоизни ташкил этганди. Шу билан бирга, респондентларнинг 18,4 фоизи уларга жавоб бериш қийинлигини билдирган.

Респондентларнинг 45,2 фоизи уруш давридаги сайловлар Украина жамиятини иккига бўлишига ишонади. Шу билан бирга, 11,9% тескари фикрда. Респондентларнинг яна 26,1 фоизи сайловлар Украина жамиятининг жипслигига таъсир қилмаслигига ишонч билдиради.

Фуқароларнинг нисбий кўпчилиги (42%) уруш пайтида ҳокимиятнинг ўзгариши Россия устидан ғалаба қозонишга тўсқинлик қилади, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 13 фоизи ҳокимият алмашинуви ғалабага ҳисса қўшади, деган фикрда. Респондентларнинг яна 22,1 фоизи ҳокимиятнинг янгиланиши Россия Федерацияси билан урушдаги ғалабага ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини айтди.

Сўров 2024 йилнинг 21 мартидан 27 мартигача АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан молиялаштирилган дастур доирасида ўтказилган. Шахсий суҳбат усулидан фойдаланган ҳолда, Украина томонидан назорат қилинадиган ҳудудда яшовчи 18 ёшдан ошган 2020 респондент билан суҳбат ўтказилган. Намуна олиш хатоси 2,3% дан ошмайди, аммо қўшимча тизимли танлаб олиш оғишлари Россия тажовузкорлиги оқибатлари, хусусан, миллионлаб фуқароларни мажбурий эвакуация қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.