Украина ва Молдованинг Евроиттифоққа қўшилиши ҳақидаги музокаралар 25 июнь куни бошланади
Европа иттифоқига аъзо мамлакатларнинг доимий вакиллари Украина ва Молдованинг иттифоққа қўшилиши ҳақидаги музокаралар бўйича келишиб олди, деб ёзади Meduza.
“Бельгия раислиги 25 июнь куни биринчи ҳукуматлараро конференцияларни чақиради”, — дейилади Евроиттифоқ кенгашидаги Бельгия раислиги хабарида. Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бундай конференция Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиши ҳақидаги музокараларнинг бошланиши бўлиб ҳисобланишини айтганди.
Украина Россия қўшинларининг тўлиқ кўламли истилосидан кейин дарҳол Евроиттифоққа аъзо бўлиш учун ариза берган эди. Мамлакат бунинг учун зарур босқичларни жуда тез босиб ўтди.
Июнь бошида Еврокомиссия Украина ва Молдова Евроиттифоққа қўшилиш ҳақидаги музокаралар бошланиши учун барча шартларни бажарганини маълум қилиб, уларни ой охиригача бошлашни тавсия этган эди.
Шарҳлар