Украина ва Швеция хавфсизлик ҳақида келишув имзолади
Стокгольмга ташриф буюрган Украина президенти Владимир Зеленский Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон билан хавфсизлик ҳақида келишув имзолади. Бу ҳақда BBC хабар беради.
Зеленский ўзининг телеграм-каналида ҳужжат Киевга 2024-2026 йилларда умумий қиймати қарийб 6,5 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутишини ёзган.
“Келишувнинг ўзига хос қисми ихтисослаштирилган ASC-890 самолётларининг тақдим этилишини, шунингдек, Украинага JAS 39 Gripen самолётларини тақдим этиш истиқболини ҳамда учувчиларни тегишли тайёргарликдан ўтказиш ишларини ўз ичига олади”, – деб ёзади Зеленский.
Украина Швециядан ASC-890 радиолокацион аниқлаш самолётларини олиши ҳақида шу ҳафтада маълум бўлди.
Швеция, шунингдек, Украина қуролли кучларига F-16 қирувчи самолётларини мослаштириш ва интеграция қилишга вақт бериш учун Киевга JAS 39 Gripen қирувчиларини тақдим этишни вақтинча кечиктиришга қарор қилди.
Шарҳлар