Украина ўз қўшинларини Авдеевкадан олиб кетишни бошлади
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Авдеевкадан қўшинлар олиб кетилаётганини эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. УҚКнинг “Таврия” гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский “шахсий таркиб аллақачон олиб кетилгани”ни ва украиналик ҳарбийлар “муайян марраларда мудофаа позициясини эгаллагани”ни маълум қилди.
“Авдеевка атрофида юзага келган тезкор шароитни ҳисобга олиб, қуршовда қолиб кетмаслик ҳамда ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида, бўлинмаларимизни шаҳардан олиб кетиб, бошқа, аҳамияти бундан кам бўлмаган марраларда мудофаага ўтиш ҳақида қарор қилдим”, — деб ёзди Сирский Facebook’да.
Қўшинларнинг Авдеевкадан олиб чиқилиши, Ғарб ОАВлари ахборотига кўра, президент Владимир Зеленский ва февраль бошигача УҚК бош қўмондони бўлиб келган Валерий Залужний ўртасидаги келишмовчиликлар сабабларидан бири бўлган. Залужний, Bild маълумотларига қараганда, шаҳардан бир неча ҳафта аввалроқ ҳарбийларни олиб кетмоқчи бўлган, аммо Зеленский буни рад этиб, 30 декабрь куни ўзи Авдеевкага келган эди.
Сирский бош қўмондон лавозимига киришганидан кейин Авдеевка йўналишидаги ўта мураккаб вазият ҳақида маълум қилди. Зеленский янги бош қўмондон вазифаларини белгилаб берар экан, “генераллар дронлар омборнинг қайси бурчагида қолиб кетганини аниқлаштиргунича, Авдеевка кутиб турмаслиги керак” деган эди. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби 15 февраль куни Авдеевка Россия армияси назоратига ўтиш остонасида турганини айтганди.
Шарҳлар