Украина Жанубий мудофаа кучлари спикери лавозимидан озод этилди
Украина Жанубий мудофаа кучлари спикери Наталья Гуменюк ўз лавозимидан четлатилди. Журналистлар Гуменюк уларнинг ишига халақит бераётганидан шикоят қилишди. Спикерлик лавозимини ким эгаллаши ҳали эълон қилинмаган. Бош штаб Гуменюкнинг ўрнига ўринбосар қидираётганини маълум қилди.
Бундан уч кун олдин бир нечта украиналик нашр Украина Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбари Александр Сирский ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеровга Гуменюкни қўшма матбуот маркази бошқарувидан четлаштиришни сўраб мурожаат қилган эди. Журналистлар Гуменюк нашрларга Украина ҳарбийларининг Херсондаги ишларини ёритиш имкониятини бермаётганидан шикоят қилишган.
“Биз Донбасс, Луганск области, Харьков области, Запорожье ҳимоячиларининг юзини кўряпмиз, лекин Херсон области ҳимоячиларининг юзини кўрмаяпмиз. Херсон областида биз фақат Гуменюк хонимни кўрамиз”, — дейилади баёнотда.
Журналистларнинг таъкидлашича, ҳарбий мухбирларга ҳақиқий фронт чизиғидан ўнлаб километр узоқликдаги «Потёмкин хандақларида» ишлаш таклиф қилинган. Журналистлар 2023 йил июнь ойида Каховка ГЭСи портлаган куни Херсон областига кириш тақиқланганини энг даҳшатли ҳолат деб атади. Медиа ҳаракати вакилларининг сўзларига кўра, ушбу воқеаларни ёритишда жаҳон оммавий ахборот воситалари Россиянинг «ҳарбий мухбирлари»га ҳаволалар билан тўлдирилган, Украина томонида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ.
Медиа ҳаракати Гуменюкни алмаштиришни ва комммуникацияларни ҳар қандай бошқаришга қўймасликни талаб қилган. Мурожаатни 160 нафар журналист ва ташкилот имзолаган.
Шарҳлар