Украинада Bayraktar дронларини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди
Туркиянинг Baykar компанияси Украинада Bayraktar дронларини ишлаб чиқарадиган завод қуришни бошлади. Бу ҳақда компания бош директори Халук Байрактар Reuters’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Қурилишни якунлаш учун тахминан 12 ой вақт керак, кейин эса ички жараёнларга, жиҳозлаш ва ташкилий тузилмага ўтамиз. Украинадаги завод катта, биз тахминан 500 нафар одамни ишга ёллашни режалаштирмоқдамиз”, — дея унинг гапларини келтириб ўтди агентлик.
Байрактарнинг сўзларига кўра, корхона йилига тахминан 120 та Bayraktar дронини ишлаб чиқаради. У булар ТB2 ёки ТB3 моделлари бўлиши ҳали номаълумлигини айтди.
Заводда хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги саволга жавобан, Baykar бош директори “режалар тўлиқ ҳажмда амалга оширилаётгани ва буни ҳеч нарса тўхтата олмаслиги”ни айтди.
Reuters SIPRI таҳлил маркази маълумотларига таяниб қайд этишича, компания Bayraktar ТB2 дронларини етказиб бериш бўйича 30 та давлат, жумладан, Украина, Эфиопия, Ливия ва Озарбайжон билан экспорт шартномаларини имзолаган.
2023 йил сентябрида Байрактар Украинадаги учта лойиҳага тахминан 100 миллион доллар сармоя киритишини эълон қилганди. Гап завод қуриш, хизмат кўрсатиш маркази ва компаниянинг ушбу мамлакатдаги бош офисини таъминлаш ҳақида борган. У, шунингдек, корхонани 2025 йилда ишга туширишга ваъда берган эди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Bayraktar дронларини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши “демилитаризация мавзусига тўғри келиши” ва “фақат украиналикларнинг азобларини узайтириши”ни айтганди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, бундай корхонанинг мавжудлиги Москванинг ҳарбий операция мақсадларига эришишига тўсқинлик қилмайди.
Шарҳлар