АҚШ корпорацияси Украинада ўқ-дорилар ишлаб чиқаради
Американинг Northrop Grumman ҳарбий-саноат корпорацияси Украинада ўрта калибрдаги ўқ-дориларни ишлаб чиқаришни бошламоқчи. Бу ҳақда Breaking Defence нашри компания вакили Дейв Бартеллга таяниб хабар берди.
“Northrop’нинг қўшма ишлаб чиқариш тўғрисидаги битими — АҚШнинг йирик мудофаа пудратчиси ва Украина ҳукумати ўртасида Украина ҳудудида ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича очиқчасига тасдиқланган биринчи келишувдир”, — дейилади хабарда.
Бартеллнинг сўзларига кўра, келажакда лойиҳани 155 мм калибрли танк ва артиллерия ўқ-дориларини, шунингдек, бошқа снарядларни ишлаб чиқариш ҳисобига кенгайтириш режалаштирилган. Режа бўйича тафсилотларни Northrop вакили келтириб ўтирмади.
АҚШ давлат котибининг ҳарбий-сиёсий ишлар бўйича ёрдамчиси ўринбосари Стенли Браун ўз навбатида таъкидлашича, Давлат департаментининг Украина мудофаа-саноат базасига 2 миллиард доллар инвестиция киритишни кўзда тутувчи янги дастури бундан кейинги Америка-Украина қўшма ишлаб чиқариши учун эшикларни очиши мумкин.
Northrop Grumman бош қароргоҳи Виржиния штатида жойлашган. Корпорация дунёда мудофаа даромади бўйича учинчи ўринда жойлашган (у йилига 32,5 миллиард долларни ташкил этади).
Шарҳлар