Украинада рус қўшинларига қўмондонлик қилаётган генерал гагаузиялик экани маълум бўлди
RISE Moldova нашри Россия президенти Владимир Путиннинг нуфузли ҳарбий раҳбарларидан бири, 52 ёшли генерал-майор Николай Чобан асли Гагаузиянинг Казаклия қишлоғидан экани ҳақида ёзади.
Текширув натижаларига кўра, Чобан элита ҳаво-десант қўшинларига бошчилик қилади ва Бучадаги оммавий қотилликлар учун халқаро санкциялар остидаги Михаил Теплинскийга бўйсунади.
Чобан Киевга ҳужумда иштирок этган, шунингдек Донбасс ва Курск областидаги ҳарбий ҳаракатларга раҳбарлик қилган. 2022 йилда у Путин «махсус ҳарбий операция» ҳақида нутқ сўзлаганида ёнида турган.
Журналистларнинг таъкидлашича, Чобан Кремль сиёсатини фаол қўллаб-қувватлайди, интернет мунозараларида қатнашади, Тираспол ва Гагаузия манфаатларини ҳимоя қилади, Кишинёвни танқид қилади ҳамда Гагаузияга қайтишга ваъда беради.
Чобаннинг оиласи Москвада истиқомат қилади, кўчмас мулк ва ер участкаларига эга. Генералнинг ўзи журналистларнинг сўровларига жавоб бермади.
Шарҳлар