Украинада уруш бошланганидан буён Россия сувости кемалари Ирландия денгизида икки марта амалиётлар ўтказди — Bloomberg
Нашрнинг қайд этишича, “Кремлнинг бу мисли кўрилмаган қадами” Британия ҳарбийларини Британия ва Ирландия сувларини ҳимоя қилиш чораларини кўришга мажбур қилди, деб ёзади “Медуза”.
Мақолада Россиянинг Kilo синфидаги сувости кемалари ҳақида сўз боради. Улардан бири биринчи марта Ирландия денгизи яқинида бир ярим йил аввал кузатилган, дейди агентлик суҳбатдошлари. Тахминларга кўра, иккинчи воқеа яқинда содир бўлган. Bloomberg манбаларининг таъкидлашича, ушбу рус сувости кемалари ҳаракатининг кўлами инглизлар илгари кўрган доирадан ҳам ошади.
Россия сувости кемаларининг Буюк Британия ва Ирландия қирғоқларида пайдо бўлиши Британия мудофаасидаги заиф томонларни аниқлашга уриниш ва унинг Киевни қўллаб-қувватлашига жавобан Лондонни қўрқитишга уриниш бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Bloomberg суҳбатдошлари.
Улардан бирига кўра, Россия сувости кемаси халқаро қонунларни бузмасдан Ирландия денгизи орқали ўта олмасди. Бундан ташқари, Ирландия денгизида турли хил чуқурликлар туфайли сувости кемасининг сув остида ҳаракатланиши қийин бўлади.
Шарҳлар