Украинага қўшинлар юборилишини истисно қилиб бўлмайди — Финляндия ТИВ
Узоқ муддатли истиқболда Украинага ёрдам бериш, хусусан, Ғарб қўшинларини юбориш имкониятини инкор этиб бўлмайди. Бундай фикрни 15 март, жума куни Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен билдирди, деб ёзади Politico.
«Биз узоқ муддатли истиқболда ҳеч нарсани истисно қилмаслигимиз муҳим, чунки вазият қанчалик жиддий бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон билмаймиз», – деди Валтонен.
Шу билан бирга, у Финляндиянинг позициясини таъкидлади, яъни мамлакат ҳозир Украинага қўшин юбормоқчи эмас ва «буни муҳокама қилишни истамайди».
Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзлари, деб ёзади Politico, узоқ муддатли истиқболга, фаразий вариантга тегишли. Аммо унинг фикри шуни кўрсатадики, уруш давом этар экан, хавф остида бўлиши мумкин бўлган Европа давлатлари бу вариантни жиддийроқ кўриб чиқишга тайёр бўлиши мумкин.
Валтоненнинг фикрича, ҳозир энг муҳими Украинага ёрдамни давом эттириш.
«Кўпгина Европа давлатлари кўпроқ нарсани қилишлари мумкин», – деди у бу борада.
НАТО қўшинларининг Украинада пайдо бўлиш эҳтимоли: нималар маълум
26 февраль куни Парижда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича конференциядан сўнг Макрон Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари Украина Қуролли кучларини узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлаш учун коалиция тузишини ва келажакда Украинага Ғарб ҳарбийларини юборишни истисно қилиб бўлмаслигини айтди.
НАТОнинг бир қатор давлатлари Макроннинг баёнотларига жавобан Украинага қўшин юбориш ғоясини очиқчасига рад этди. Уларнинг орасида, жумладан, Польша, АҚШ, Германия, Чехия, Канада ва Буюк Британия бор.
Нидерландия армияси бош штаби раҳбари генерал Онно Эйхельсгеймнинг айтишича, НАТО давлатлари Киевга ёрдам беришнинг барча имкониятларини кўриб чиқиши керак. Шу билан бирга, у Украина Нидерландиядан қўшин юборишни сўрамаганини ва буни ҳозир муҳокама қилишдан маъно йўқлигини таъкидлади.
AFP агентлиги ўз манбасига таяниб, НАТОга аъзо Европа давлатлари бир неча ҳафта давомида Украинага альянс қўшинларини юбориш имкониятини ўрганаётгани ҳақида хабар берди.
Шарҳлар