Украиналикларнинг деярли ярми Россия билан музокаралар бошланиши тарафдори

Фото: ВВС

Украиналикларнинг 44 фоизи Россия билан тинчлик музокараларини бошлаш вақти келди, деб ҳисобламоқда. Респондентларнинг 35 фоизи бунга қарши, 21 фоизи жавоб беришга қийналган. Бу Украинанинг «Зеркало Недели» нашри буюртмаси бўйича ўтказилган Разумков маркази тадқиқотининг натижалари.

Тадқиқотдан маълум бўлишича, мамлакат маркази аҳолисининг 49 фоизи Россия Федерацияси билан тинчлик музокаралари бошланиши ҳақидаги маълумотни хотиржам қабул қилган. Украинанинг ғарбий қисмида бу кўрсаткич сезиларли даражада паст – атиги 35%. Мамлакат шарқида, ўз навбатида, респондентларнинг атиги 33 фоизи музокаралар ўтказилишини истаса, 34 фоизи уларга қарши, яна учдан бир қисми эса бир қарорга келмаган.

2022 йил октябрь ойида Владимир Зеленский томонидан Путин билан музокаралар олиб боришнинг мумкин эмаслиги ҳақидаги фармонни бекор қилиш керакми, деган саволга сўровнома иштирокчиларининг 32 фоизи ижобий жавоб берганди. 37 фоизи ушбу фармон кучда қолиши мумкин деб ҳисоблаган.

Шу билан бирга, украиналикларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакат Владимир Путин таклиф қилган “тинчлик” шартларига рози бўлмаслик керак, деб ҳисоблайди. Шу тариқа, респондентларнинг 83 фоизи Украина қўшинларининг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье областлари ҳудудидан олиб чиқилишига рози бўлмаслигини билдирган. Респондентларнинг 77 фоизи Россиядан барча халқаро санкциялар олиб ташланишига қарши чиққан.

 

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.