Германия ҳукумати Россия билан уруш эҳтимоли юзасидан режа ишлаб чиқди — Bild
Германия ҳукумати Россия билан уруш эҳтимоли юзасидан ҳарбий режа тайёрлаб қўйди. Бу ҳақда Bild ушбу ҳужжатга таяниб хабар берди. Унинг низомлари орасида НАТО қўшинларининг мамлакат шарқий қанотига жойлаштирилиши, ертўла ва метро бекатларини бомбапаноҳларга айлантириш, шунингдек, ишлаб чиқаришларни мудофаа эҳтиёжлари учун қайта йўналтириш бор. Бундан ташқари, Германияда мажбурий ҳарбий хизматга қайтиш ҳам режалаштирилмоқда.
Мақолада қайд этилишича, ертўла иншоотлари, ерости автотураргоҳлар ва метро бекатлари бомбапаноҳларга айлантирилади. Шунингдек, мамлакатнинг бир нечта ҳудудларидан аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, тиббий муассасалар “узоқ давр мобайнида тўсатдан кўп сонли беморлар оқимига” тайёр бўлиши керак.
Россия билан уруш юз берган тақдирда, Германияда мажбурий ҳарбий хизмат қайта тикланиши мумкин, яъни фуқаролар исталган вақтда армияга чақирилиши мумкин. Бандлик хизмати эса вояга етган фуқароларга муайян соҳаларда, масалан, беморларни парвариш қилиш соҳасида, почтада ёки новвойхоналарда ишлаш мажбуриятини юклаши мумкин.
5 июнь куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус 2029 йилга қадар мамлакат эҳтимолий урушга тўлиқ шайлик ҳолатида бўлиши кераклигини айтганди.
Шарҳлар