Киев Хитой ва Франциянинг босими туфайли “уруш ҳомийлари” рўйхатидан воз кечган — Reuters
Украина ҳукумати Хитой ва Франция томонидан бўлган босим туфайли “урушнинг халқаро ҳомийлари” рўйхатини юргизишдан бош тортган, деб хабар беради Reuters ўз манбаларига таяниб. Уларнинг айтишича, бугун, 22 март куниёқ Киев ушбу рўйхат эълон қилинган сайтни ёпиши мумкин.
Агентлик суҳбатдошларидан бири даъво қилишича, Австрия ва Венгрия ҳам бу масалада Украинага босим ўтказган. Бошқа манба аниқлик киритишича, тилга олинган мамлакатларнинг барчаси Киевни қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, ўз компаниялари рўйхатга киритилганидан норози бўлган. Reuters фикрича, Украинанинг рўйхатни юргизишдан воз кечиши у “ҳарбий саъй-ҳаракатларни сақлаб туриш” билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келаётгани туфайли ўз позициясини юмшатишга тўғри келаётганидан дарак бериши мумкин.
Украина ҳукумати 20 март куни “урушнинг халқаро ҳомийлари” рўйхатини ёпиш қарори ҳақида эълон қилди. Бундай қарорга чет эл элчиларининг шикоятлари сабаб бўлган, улар рўйхат учун норматив база йўқлигини таъкидлаган. Рўйхат Коррупциянинг олдини олиш масалалари бўйича миллий агентлик раҳбарлигидаги “Уруш ва санкциялар” лойиҳаси сайтида эълон қилинади. Ҳукумат агентликка сайтни таҳрирлаш мажбуриятини юклади, рўйхатдаги барча маълумотлар эса Украина санкциявий сиёсатини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳга берилади.
“Урушнинг халқаро ҳомийлари” рўйхати Россия билан савдони давом эттириб, унинг бозорини тарк этмаётган компания ва жисмоний шахслардан иборатдир. Унга киритилиш ҳеч қандай юридик оқибатларни келтириб чиқармаган. 2024 йил март ҳолатига, рўйхатга 150 дан ортиқ жисмоний шахс ва 40 дан зиёд компаниялар киритилган.
Шарҳлар