Урушнинг икки йили давомида Путин армияси бир неча минг Россия аскарининг ҳаёти эвазига Украина ҳудудининг 0,2% ни босиб олди

Владимир Путин
Фото: Sputnik/Sergei Bobylev/Pool via REUTERS

Расмийлар икки йиллик тажовуз натижаларини ва Авдеевканинг қўлга киритилишини ғалаба сифатида нишонламоқда. Путин ҳарбийларни табриклади; Донецк халк республикасида эса бу воқеа «Махсус ҳарбий амалиётнинг асосий босқичи» деб аталди, бу кун ҳатто Москва клубларида ҳам нишонланди.

Қуйида бу «ғалаба» нинг ҳақиқий натижаларини рақамларда тақдим этамиз:

Россия Украина ҳудудининг 0,2 фоизини босиб олишга муваффақ бўлди (The Economist  маълумотлари). 2022 йилнинг ёзидаги энг авд жангларда 22% ишғол қилинган, ҳозир – 18% (DeepState маълумотлари, Қрим ҳам киритилган). Йил давомида россияликлар фақат иккита шаҳар – Бахмут ва Авдеевкани эгаллаб олди, уларнинг умумий майдони 70 км кв. Бу Москва яқинидаги Химки шаҳридан кичикроқ.

Россия армияси шахсий таркиби йўқотишлари 1,5 бараварга ошди. BBC ва “Медиазона” 2023 йилда ҳалок бўлган 24,1 минг нафар россиялик ҳарбийнинг исмини аниқлашга муваффақ бўлди. 2022 йилда уларнинг сони 15 520 нафарни ташкил этди.Ушбу рўйхатларда фақат некрологлари ёки қабрлари аниқланган шахслар бор. Ҳақиқий йўқотишлар 1,5-2 баравар юқори.

Чегара ҳудудлари аҳолиси орасида қурбонлар сони икки баравар кўпайди. “7х7” нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил мартидан буён 95 киши ҳалок бўлган бўлса, уруш бошидан 2023 йил февралигача бу кўрсаткич 49 кишини ташкил қилган. Энг ҳалокатли отишма 30 декабрь куни Белгородда содир бўлиб, унда 25 киши ҳалок бўлган.

Қора денгизда Россия ҳарбий-денгиз кучларининг 6 та кемаси вайрон қилинган ва 5 таси шикастланган. Умуман олганда, уруш бошидан бери Қора денгиз флоти кемаларининг учдан бир қисми Украина Қуролли кучларининг зарбаларига  учради (уларнинг баъзилари тикланган). Кузда флотнинг бир қисми Қримдан Новороссийскга кўчирилди.

Ҳар икки томон ҳам тезда ғалаба қозона олмаслиги аниқ бўлди, дея урушнинг иккинчи йили натижаларини сарҳисоб қилади ҳарбий таҳлилчи Ян Матвеев.

“Россия армияси сон жиҳатидан устунликка эга. Украина бунга юқори сифат ва технология билан жавоб бермоқда. Дронлар аскарларни ҳолдан тойдиришни белгилаб берди. Уларга қарши курашишнинг самарали усуллари ҳозирча йўқ”.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.