Олимлар коронавирус Ухандаги бозордан тарқалганини аниқлади
Коронавирус Хитойнинг Ухань шаҳридаги Хуанань бозоридан тарқалишни бошлаган, дейилади халқаро тадқиқотда. У АҚШ ва Буюк Британия каби мамлакатлардан 23 нафар олим томонидан тайёрланиб, Cell журналида чоп этилди.
Мақолада айтилишича, COVID-19 билан касалланган илк беморлар Хуанань денгиз маҳсулотлари улгуржи бозорида ишлаган ёки у ерга борган. Бозорнинг вирус тарқалиши билан алоқадорлиги илк марта бутун шаҳар бўйлаб турли касалхоналар шифокорлари томонидан аниқланган. 2019 йил декабрида келтирилган 174 нафар беморнинг 32 фоизи “ушбу жой билан муайян алоқага эга бўлган”. Бундан ташқари, пневмониядан ўта кўп ўлим даражаси биринчи марта шаҳарнинг ушбу бозор атрофидаги ҳудудларида қайд этилган.
Олимлар коронавирус тарқалишининг иккита эҳтимолий вариантини аниқлади: қайсидир жонивордан (айнан қандай турдаги экани аниқланмади) одамга ўтган ёки уни бозорга одамларнинг ўзлари олиб келган. “Биз Хуанань бозорида SARS-CoV-2 нинг қариндоши бўлган сарбековирусни олиб юрувчи иккита таниқли жонивор — кўршапалак ва панголинларнинг қандайдир генетик материали борлиги ҳақида ҳеч қандай далилларни топмадик”, — дейилади тадқиқот натижасида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус келиб чиқишининг эҳтимоли энг катта версия сифатида унинг кўршапалакдан оралиқ ҳайвон орқали юқтирилганини айтганди. ЖССТ, шунингдек, вирус лабораториядан тарқалганини рад этганди.
Шарҳлар