Вадим Красиков Россия ва Ғарб мамлакатлари ўртасида махбуслар билан ўзаро алмашиш рўйхатига тушди

Фото: УНИАН

Германияда судланган Россия фуқароси Вадим Красиков Россия ва Ғарб ўртасидаги маҳбуслар алмашинувида иштирок этади, дея хабар беради CBS News.

Красиков Германияда Чеченистоннинг собиқ дала қўмондони, Грузия фуқароси Зелимхан Хангошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Аввалроқ, Красиков Беларусда теракт содир этишда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган ва кейин авф этилган Германия фуқароси Рико Кригерга алмаштирилиши тахмин қилинганди.

Вадим Красиков – ФХХ ходими. Россия уни узоқ вақтдан бери алмаштиришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Алексей Навальний вафотидан сўнг унинг шериклари Навальнийни Красиковга алмашиш бўйича мамлакатлар ўртасида музокаралар олиб борилгани ҳақида хабар беришганди. Россия президенти Владимир Путин Такер Карлсонга берган интервьюсида The Wall Street Journal мухбири Эван Гершковичнинг эҳтимолий алмашинуви доирасида «АҚШ иттифоқчиси бўлган мамлакатда жазо ўтаётган, «ватанпарварлик сабабларга кўра Европа пойтахтларидан бирида бандитни йўқ қилган одам» ҳақида гапирганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.