Саудия валиаҳд шаҳзодаси Италиядаги G7 саммитига бормайди
Саудия Арабистони бош вазири ва валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ал Сауд Италиядаги G7 саммитида қатнашишдан бош тортди. Бундай қарор ҳаж мавсуми туфайли қабул қилинган, деб ёзади “Коммерсантъ”.
SPA давлат агентлиги хабарига кўра, валиаҳд шаҳзода Италия бош вазири Жоржия Мелонига телеграмма юбориб, G7 саммитига таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирган. “Телеграммада Қироллик Олий ҳазратлари ҳаж мавсумида ишларнинг боришини кузатиш билан боғлиқ мажбуриятлари туфайли қатнаша олмаслиги юзасидан афсус билдирган”, — дейилади агентлик хабарида. Ҳаж мавсуми 14—19 июнь кунларига тўғри келади.
Италия раислигидаги G7 саммити 13—15 июнь кунлари бўлиб ўтади. Унда Украина ва АҚШ президентлари Владимир Зеленский ва Жо Байден Украина учун хавфсизлик тўғрисида келишув имзолайди.
Шарҳлар