Венесуэла Гайана билан чегарада ҳарбий контингентини кўпайтирмоқда — ОАВ
Венесуэла Гайана билан чегарага енгил танклар, ракеталар билан жиҳозланган патруль катерлари ва бронетранспортёрларни жойлаштирди, деб хабар беради The Wall Street Journal венесуэлалик ҳарбийлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойланган сунъий йўлдош тасвирларига таяниб.
2023 йил 9 декабрь куни Венесуэла президенти Николас Мадуро қўшни Гайананинг ғарбий қисми — Эссекибо ҳудудини мамлакат таркибига қўшиб олиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Уларга кўра, ҳудуд Гайана-Eссекибо деб ном олди ва мамлакатнинг 24-штатига айланди.
15 декабрь куни Мадуро ва Гайана президенти Муҳаммад Ирфан Али Эссекибо минтақаси ҳақидаги ҳудудий баҳсни тартибга солиш бўйича музокараларни давом эттиришга ва қуролли кучларни қўлламасликка келишиб олганди.
24 декабрь куни Буюк Британия Гайанага дипломатик ва ҳарбий кўмак рамзи сифатида унинг қирғоқларига патруль кемаси юборишини эълон қилди. 29 декабрь куни Венесуэла президенти бунга жавобан Атлантика океани ҳудудида ҳарбий машғулотлар бошлашни буюрди.
ХIХ аср бошида Венесуэла Испаниядан мустақил бўлиб ажралиб чиққанини эълон қилди, Эссекибо эса унинг штатларидан бирига айланди. 1899 йилда Париждаги Халқаро арбитраж суди ушбу ҳудуд Британиянинг мустамлакаси — Гайанага ўтиши керак, деб қарор қилди, у ҳам кейинчалик мустақилликка эга бўлди. 2015 йилда ExxonMobil Эссекибода иккита йирик нефть конини аниқлади. 2022 йилда Гайана иқтисодий ўсиш (62 фоиз) бўйича жаҳон етакчилари қаторига кирди.
Шарҳлар