Венгрияда Орбанни истеъфога чиқиш талаби билан митинг ўтказилди

Фото: Bernadett Szabo/Reuters

26 март куни кечқурун Будапештда Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва бош прокурор Петер Полтнинг истеъфосини талаб қилган аҳоли томонидан оммавий митинг ўтказилди.

Намойишда бир неча минг киши қатнашди. Намойишчилар бош прокуратурадан парламентга “Истеъфога, истеъфога” деб қичқирган ҳолда юриш қилишди, уларнинг кўпчилиги машъала кўтарганди.

Акция мамлакат расмийларини порахўрлик ҳақидаги ишга аралашишга уринишда айблаган собиқ амалдор Петер Мадьярнинг чақириғи билан ташкил этилган. У ўзининг собиқ рафиқаси ва Венгрия адлия вазири Юдит Варга билан суҳбати ёзувини эълон қилган, унда у Орбаннинг вазирлар маҳкамаси ёрдамчиларининг ҳукумат порахўрлик иши бўйича ҳужжатларнинг бир қисмини олиб ташлашга урингани ҳақида батафсил маълумот берган.

Агентликнинг қайд этишича, 43 ёшли Мадьяр бош вазирга қарши чиқиш учун янги партия тузмоқчи.

«Венгерлар… бугун оқшом минглаб бўлиб келганингиз учун… ҳукуматга сабримиз тугади деб айтиш учун келганингиз учун раҳмат», – деди у митингда намойишчиларга.

Агентликнинг таъкидлашича, бу айбловлар Орбан учун июнь ойида бўлиб ўтадиган Европа парламентига сайловлар олдидан сиёсий жиҳатдан нозик бир пайтда янграган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.