Жей Ди Вэнс Трамп билан биргаликда вице-президент лавозимига номзодини қўйишга рози бўлди
Огайо штатидан сенатор Жей Ди Вэнс президентликка номзод Дональд Трамп билан биргаликда Республикачилар партиясидан АҚШ вице-президенти лавозимига ўз номзодини қўйишга розилигини расман эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унинг таъкидлашича, ғалабага эришган тақдирда, республикачилар “сўз эркинлиги ва очиқ ғоялар алмашинуви”ни қўллаб-қувватлайди.
“Америка Қўшма Штатлари вице-президенти лавозимига номзод бўлиш таклифини мамнуният ва миннатдорлик туйғуси билан расман қабул қилишимни билдираман”, — деди Вэнс Милуокида Республикачилар партияси қурултойида нутқ сўзлаётиб.
Эслатиб ўтамиз, 15-июл, Республикачилар партияси қурултойининг биринчи куни делегатларнинг кўпчилик овози билан Трамп АҚШ президентлигига номзод сифатида илгари сурилган эди. У вице-президентликка номзод сифатида сенатор Жей Ди Вэнсни танлаганини эълон қилди.
Жей Ди Вэнс 39 ёшда. 2023 йил январидан у АҚШ Конгрессида Республикачилар партиясининг Огайо штатидан сенатори лавозимини эгаллаб келади. 2016 йилги сайловлардан аввал у Трампни танқид қилган, бироқ 2018 йилда ўз позициясини ўзгартирган ва 2020 йилги сайловда уни қўллаб-қувватлаган эди.
Шарҳлар