Вьетнамда «Яги» тўфони қурбонларининг сони 59 кишига етди

Фото: tvrus

Вьетнам шимолида “Яги” тўфони қурбонларининг сони 59 кишига етди, юзлаб одамлар жабрланган. Ҳалок бўлганларнинг 44 нафари кўчки қурбонлари, дея хабар беради мамлакат Қишлоқ хўжалиги ва ривожланиш вазирлиги.

Бу йил Осиёда энг кучли тўфонга айланган “Яги” довули Саффир-Симпсон шкаласи бўйича “тропик депрессия” даражасига кўтарилди. Бироқ расмийлар сув тошқинлари ва кўчкилар хавфи сақланиб қолаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Дам олиш кунларида шамол тезлиги 203 км/соатгача кучайган тўфон Вьетнам пойтахти Ханойга келиб урилган ва ҳозир ғарбга қараб ҳаракатланмоқда. Ханойда уйларнинг томларини, дарахтларни қўпорган, бу эса бутун ҳудудда электр таъминотида узилишларга олиб келган.

Автомобиль ҳайдовчилари скутердаги одамларни шамолдан ҳимоя қилиш учун атайлаб тезликни пасайтирган.

“Душанба куни эрталаб Пху Тхо провинциясида кўприк қулаб тушган, натижада ўнта автомобиль ва иккита скутер Хон Ха дарёсига қулади” -, дейди Вьетнам бош вазирининг ўринбосари. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, уч киши қутқарилган, яна 13 киши бедарак йўқолган. Эҳтимолий қурбонлар ҳақида маълумот ҳозирча номаълум.

Као Бан провинциясида 20 нафар йўловчини олиб кетаётган автобус дарёга қулаган.

Тўфон оқибатида Вьетнам қирғоқларида камида 64 та балиқчилик қайиғи чўкиб кетган. Қутқарувчилар очиқ денгизда 27 кишини топиб қутқарган.

Кўплаб халқаро заводлар жойлашган порт шаҳри Хайфонда айрим туманлар кўчаларида сув сатҳи бир ярим метрга етган. Электр тармоқлари ва уларнинг устунлари шикастланган. Ҳамма жойда томларнинг металл листлари, реклама тахталари юлинган.

Дам олиш кунлари Вьетнам шимолидаги тўртта аэропорт ўз фаолиятини тўхтатган.

Деярли 50 минг киши қирғоқ бўйидаги шаҳарлардан эвакуация қилинган. Расмийлар қолган аҳолини уйларини тарк этмасликка чақирмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.