Венгрия бош вазири Орбан уруш бошланганидан буён биринчи марта Украинага келади
Венгрия ҳукумати раҳбари Виктор Орбан 2 июль куни Киевга ташриф билан келади, бу Россия қўшинлари Украинага тўлиқ кўламда бостириб кирганидан кейинги биринчиси бўлади, деб ёзади Financial Times. Таъкидланишича, Орбан Венгриянинг Евроиттифоқда раислик қилиш навбати келганидан кейин кўп ўтмай Украинага келмоқда.
Евроиттифоқ ва НАТО мамлакатлари етакчилари орасида Орбан Украинага ҳарбий ёрдамни энг кўп танқид қилган, шунингдек, унинг Евроиттифоққа қўшилиши ҳақида музокаралар бошлашни ҳам дарҳол қўллаб-қувватламаган.
Бундан ташқари, Орбан уруш бошланганидан кейин Россия президенти Владимир Путин билан учрашган саноқли чет мамлакатлар етакчилари сафига ҳам кирган.
Орбандан ташқари, Евроиттифоқ мамлакатлари етакчиларининг деярли барчаси уруш бошланганидан кейин Киевга ташриф буюрган.
Украина президенти Владимир Зеленский Орбанни бир неча марта таклиф қилган, аммо Венгрия ҳукуматининг вакиллари Киевга келган бўлса-да, бош вазирнинг ўзи келмаган.
Шарҳлар