Вильнюсда ҳибсга олинган тожикистонлик қочқин икки ой қамоқда сақланганидан кейин озодликка чиқарилди
Литва ҳукумати икки ой қамоқда ўтирган Тожикистон фуқароси, “Гуруҳ 24”нинг собиқ аъзоси Сулаймон Давлатовни озод қилди. Бу ҳақда Европада бўлган фаолнинг ўзи “Бомдод” нашрига маълум қилди, деб ёзади “Медиазона”.
Давлатовнинг сўзларига кўра, 3 июнь куни Вильнюс суди унинг иши бўйича навбатдаги суд мажлисини ўтказган. Литва миграция департаменти хорижликни илгари белгиланган ҳибсда сақлаш муддати якунланаётганини инобатга олиб, махсус ҳибсхонада сақлаш муддатини яна уч ойга узайтириш бўйича илтимоснома билан чиққан. Бироқ судья Давлатовни озод қилишга қарор қилган, чунки унинг шаҳарда ўз уйи, уч нафар кичкина боласи бор, ҳомиладор хотини парваришга муҳтож.
Суд қарори 4 июнь куни кечқурун чиққан ва Тожикистон фуқароси дарҳол уйига жўнаб кетган.
“Менимча, бу ғалаба сари катта қадам. Қочқинлик мақомимни бекор қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш учун курашни давом эттирамиз. Ишончим комилки, биз бунга эришамиз, чунки адолат ва ҳақиқат биз томонда”, – дейди Давлатов келгусидаги режалари ҳақида.
Сулаймон Давлатов сўнгги тўққиз йилдан бери Литва пойтахтида истиқомат қилади. Шаҳарда у новвойхона, дўкон ва ресторанга эга. Тожикистонлик “Гуруҳ-24” қарши репрессиялар бошланганидан кейин Санкт-Петербургдан Европага кўчиб ўтган.
Шу йилнинг апрель ойида Вильнюсда мухолифатчи ҳибсга олингани ҳақида маълум бўлди. Унинг ўзи аниқлик киритишича, бу унинг Литва разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганидан кейин содир бўлган.
Ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтгач, Давлатовнинг рафиқаси Хурматбиби Раҳматшоева Литва президенти Гитанас Науседага эрини ўз ватанига депортация қилмасликни сўраб, очиқчасига мурожаат қилган, чунки у ерда тожикистонлик фуқаро учун қамоқ, қийноқлар ва ўлим эҳтимоли бор. Аёлнинг қўшимча қилишича, у эрининг қочқинлик мақомини бекор қилиш тўғрисида Европа давлати расмийлари қарор қилганидан кейин Душанбега депортация қилиниши эҳтимолидан хавотирда.
Шарҳлар