Раисийнинг ўлимидан кейин унинг вазифасини вице-президент Мухбир бажаради
Эрон ҳукумати мамлакат президенти Иброҳим Раисий вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлиши муносабати билан баёнот эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Ҳукумат фожиа оқибатида унинг фаолиятида узилишлар бўлмаслигига ишонтирди. Раисийнинг ўлими ҳақида Машҳаддаги Имом ар-Ризо масжидида тўпланган диндорларга маълум қилинди. Сайловга қадар президент вазифасини Эрон вице-президенти Муҳаммад Мухбир бажаради.
“Эрон Ислом Республикасининг саккизинчи президенти Ҳазрат Оятуллоҳ Саид Иброҳим Раисий Эрон халқига хизмат қилиш чоғида азоб-уқубатли ўлимга дучор бўлди”, — дейилади Имом ар-Ризо масжидида минглаб диндорларга ўқиб эшиттирилган расмий баёнотда.
Эроннинг Press TV канали маълум қилишича, Мухбир вазирлар маҳкамасининг навбатдан ташқари мажлисини ўтказмоқда. “Мамлакат маъмуриятида заррача ҳам нотинчлик бўлмайди”, — дейилади ҳукумат баёнотида.
Шарҳлар