Волчанск раҳбари ва яна тўрт киши Россия зарбаларидан жабрланди
Россия томонидан ўққа тутилиши оқибатида Волчанск раҳбари ва яна тўрт киши жабр кўрган. Бу ҳақда Харьков области маъмуриятининг раҳбари Олег Синегубов маълум қилади. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари Волчанскнинг қишлоқларидан бирига кассетали ўқлар билан ҳужум қилган. Маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш учун кўнгиллилар ва фуқаролик шошилинч хизматлар воқеа жойида ишлади.
Икки шифокор, икки ҳайдовчи ва Волчанск маъмуриятининг раҳбари Тамаз Гамбарашвили жароҳатланган. Синегубов Гамбарашвилининг қандай ҳолатда эканлигига аниқлик киритмади.
Волчанск Россия билан чегарадан атиги беш километр масофада жойлашган. Шаҳар 10 май куни рус армияси Харьков областида бошлаган ҳужум нишонларидан бирига айланди. 14 май куни Украина қуролли кучлари Бош штаби Украина ҳарбийлари Волчанск ҳудудида “қулайроқ позицияларга ўтгани” ҳақида хабар берди. 16 май куни Бош штаб Украина ҳарбийлари Россия қўмондонлигининг режаларини барбод қилгани ва уларга шаҳарда мустаҳкам ўрнашиб олишга имкон бермаганини маълум қилди.
Украина Ички ишлар вазирлиги россиялик ҳарбийлар тинч аҳоли эвакуация қилинишига рухсат бермаётганини, одамларни ўғирлаб, ертўлаларга ҳайдаётгани ёки отиб ташлаётгани ҳақида гапирмоқда.
Шарҳлар