Навальнийнинг сафдоши Леонид Волковга Вильнюсдаги уйи яқинида ҳужум уюштирилди
Россиялик марҳум мухолифатчи Алексей Навальний штаблари собиқ раҳбари Леонид Волковга Вильнюсдаги уйи яқинида ҳужум уюштирилди, деб ёзади Meduza Навальнийнинг котибаси Кира Ярмишга таяниб.
“Ҳозиргина Леонид Волковга ўз уйи ёнида ҳужум қилишди. Машинанинг ойнасини синдириб, кўз ёшлантирувчи газ сепишган, сўнг Леонидни болға билан ура бошлашган”, — деб ёзди Ярмиш.
Коррупцияга қарши кураш фонди директори Иван Жданов кейинроқ Волковнинг соғ-омонлигини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Волков дала ҳовлилардан иборат қишлоқда яшайди, шу сабабли ҳужум қилган шахс тасодифий кўча безориси ёки босқинчи бўлмагани, балки Волковга ҳужум қилиш учун атайлаб у ерга боргани тахмин қилинмоқда.
Ушбу ҳужумдан бир неча соатгина аввал Волков Meduza’га берган интервьюсида Навальний жамоаси таҳдидларга учраётганини маълум қилган. “Ҳозир қаршимизда турган асосий хавф — ҳаммамизни ўлдириб юборишлари мумкинлиги. Ҳа, бу аниқ-равшан нарса-ку”, — деган эди у. Шунингдек, у Навальний жамоаси хавфсизлик протоколларини қайта кўриб чиқаётганини айтганди.
Волковга ҳужум 15—17 март кунлари бўлиб ўтадиган Россия президенти сайловлари арафасида юз берди. Алексей Навальний жамоаси “Путинга қарши чошгоҳ” акциясида қатнашишга чақирмоқда, у президент сайловида Владимир Путинга қарши овоз бермоқчи бўлганлар сайлов участкаларига бир вақтда — 17 март куни 12:00 да келишини кўзда тутади.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний колонияда вафот этганини маълум қилди. Сиёсатчининг сафдошлари уни ўлдиришганини айтмоқда. Навальнийнинг онасига берилган ўлим ҳақидаги хулосада у табиий сабаблардан кўз юмгани қайд этилган.
Шарҳлар