Моди августда Украинага келиб, низода воситачиликни таклиф қилади
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди августда дипломатик миссия доирасида Киевга келади. Бу ҳақда маҳаллий Wion телеканали ҳиндистонлик дипломатларга таяниб хабар бермоқда. Модининг ташрифи 23 август куни амалга ошиши мумкин.
“ТАСС” агентлигининг Ҳиндистон парламентидаги манбасига кўра, ҳукумат раҳбари Москва ва Киев ўртасида воситачилик қилишда Нью-Делининг ёрдамини таклиф этиши мумкин. Манба таъкидлашича, Ҳиндистон “Россия билан дўстона алоқаларда” ва унинг “Украина билан муносабатлари ҳам яхши”. Унинг фикрича, иккала томон ҳам Нью-Делига ишонади. Воситачилик икки томоннинг розилиги билангина амалга ошиши мумкин, деди манба.
Июнь ойида Украина президенти Владимир Зеленский ва Нарендра Моди Италияда G7 саммити доирасида учрашиб, икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, Россия-Украина низоси ва Швейцариядаги конференцияни муҳокама қилган эди.
8 июль куни эса Моди Москвага келиб, Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб борган, Ҳиндистон Украинада тинчликка эришишда ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди.
Шарҳлар