Коммунистик партия этикасини бузган Вьетнам президентининг истеъфоси тасдиқланди
Вьетнам Миллий мажлиси (бир палатали парламенти) президент Во Ван Тхионгнинг истеъфосини тасдиқлади ва Дананг шаҳридан 15-чақириқ депутати мажбуриятларидан озод этди, деб ёзади “РБК”.
Тегишли қарор парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинди. Вьетнам конституциясига мувофиқ, президент Миллий мудофаа ва хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллайди. Шу тариқа Во Ван Тхионг ушбу лавозимни ҳам тарк этди.
Вьетнам президенти 20 март куни истеъфо берди, мамлакатда ҳукмрон бўлган Коммунистик партия Марказий қўмитаси буни ўша куниёқ маъқуллади. Марказий қўмита Во Ван Тхионг мансабдор шахс этикасини бузганини маълум қилди. “Жаноб Во Ван Тхионгнинг қоидаларни бузиши ва камчиликлари жамоатчиликнинг салбий муносабатига сабаб бўлди, бу эса партия, давлат ва унинг ўз обрўсига ҳам таъсир ўтказди”, — дейилади хабарда.
Во Ван Тхионг 2023 йил 2 март куни Вьетнам президентига айланган бўлиб, 2026 йилгача давлат раҳбари бўлиб қолиши керак эди. У Куангнгай провинцияси собиқ раҳбари коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинганидан кейин бир неча кун ўтиб истеъфо берди. Бундан ташқари, Вьетнам суди Тхионг бир вақтлар мансабдор бўлган Хошимин шаҳрида “бир неча миллиард долларлик молиявий фирибгарлик” ҳақидаги ишни ҳам кўриб чиқмоқда.
Шарҳлар