Халқаро жиноий суд бош прокурори Исроил бош вазирини ҳибсга олишга ордер беришни талаб қилди
Халқаро жиноий суд бош прокурори Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху, Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ва Хамаснинг уч етакчисини ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилди.
Бу Хамас ҳарбий қанотининг командири Муҳаммад Дейф, ҳаракатнинг сиёсий қаноти етакчиси Исмоил Хония, шунингдек, 2023 йил 7 октябрдаги ҳужум ташкилотчиси сифатида тан олинган Яҳъё Синвар.
Хамас етакчилари қотиллик, гаровга олиш, зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонлик, қийноқлар, шафқатсиз муомала ва инсон қадр-қимматини поймол қилиш каби инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгардир, дейилади прокурор Карим Хон офисининг баёнотида.
Унга кўра, шунингдек Йоав Галлант ва Беньямин Нетаньяху ҳам очликдан уруш усули сифатида фойдаланиш, қасддан соғлиққа зарар етказиш, қасддан қотиллик қилиш, тинч аҳолига ҳужум қилиш ва инсониятга қарши бошқа жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳарбий кабинетининг вазири Бени Ганц, агар Нетаньяху Ғазо секторида урушдан кейинги ҳаракатлар режасини тақдим этмаса, истеъфога чиқиши билан таҳдид қилганди. Ганцнинг баёноти Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Нетаньяхуни Исроил Ғазога ўзининг фуқаролик ва ҳарбий бошқарувини ўрнатмаслигига очиқ ваъда беришга чақирганидан бир неча кун ўтиб янгради. Ганц ва Галантнинг фикрича, анклавнинг ҳарбий назорати Исроил учун хавфсизлик хатарларининг ошишига олиб келади.
Шарҳлар