АҚШ Ироқдаги халқаро миссия якунланганини эълон қилди
АҚШ ва Ироқ ҳукумати Ироқда ИШИДга қарши кураш бўйича “Мустаҳкам қатъият” номли глобал коалиция ҳарбий миссиясини якунлашга келишиб олди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Миссияни келаси 12 ой мобайнида, аммо 2025 йил сентябрдан кечикмасдан якунлаш режалаштирилмоқда. Қўшинлар қандай кўламда олиб кетилишига аниқлик киритилмаган.
Давлат департаменти хабарига кўра, АҚШ ва Ироқ мамлакат ҳудудида ИШИДга босим ўтказиш ва Ироқ кучларини қўллаб-қувватлаш учун хавфсизлик соҳасида икки томонлама шерикликка ўтишни ҳам келишиб олди.
АҚШ, шунингдек, Ироқдан Америка контингентини олиб кетиш бўйича зарур тадбирларни Ироқ конституцияси ва қонунларига мувофиқ амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Ироқ террорчилик таҳдидига қарши курашда берган кўмаги учун халқаро коалицияга миннатдорлик билдирди.
Ироқда айни пайтда 2,5 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчилар бор. 2014 йилда ИШИД Ироқнинг учдан бир қисмини эгаллаб олгач, Ироқ кучлари халқаро коалиция кўмагида ҳудудларни озод қилиш операциясини бошлаган эди.
Шарҳлар