Байден халққа мурожаат қилиб, президентлик пойгасидан чиқиш қарорини тушунтирди
АҚШ президенти Жо Байден сайловдан ўз номзодини олиб ташлаганидан кейин биринчи марта халққа мурожаат қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У ўзининг президентлик пойгасидан чиқиш қарорини, ҳатто ўз хоҳиш-истакларидан воз кечиб бўлса ҳам, эстафетани ёш авлодга топшириш ва демократия тамойилларини сақлаб қолиш зарурияти билан изоҳлади.
“Менинг президент лавозимидаги ютуқларим, дунёдаги етакчилигим, Америка келажаги бўйича режаларим иккинчи муддатга арзийди, деб ҳисоблайман. Аммо ҳеч нарса, ҳеч бир нарса, шу жумладан, шахсий истаклар ҳам демократиямизни қутқаришга халал бера олмайди. Шу сабабли мен олға силжишнинг энг яхши усули — эстафетани ёш авлодга бериш деган қарорга келдим. Бу халқимизни бирлаштиришнинг энг яхши йўли”, — деди Байден ўз телемурожаатида.
Бўлғуси сайловлар ҳақида гапираётиб, президент “ўз танловини амалга ошириб, ўз фикрини билдиргани”ни айтди. “Мен ажойиб вице-президентимиз Камала Харрисга миннатдорлик билдирмоқчиман. У тажрибали. У қаттиққўл. У истеъдодли. У мен учун ажойиб шерик ва мамлакатимиз учун етакчи бўла олди. Энди танлов ўз қўлингизда”, — деди Америка президенти. У америкаликларни бирлашишга ва “олдинга ёки орқага силжиш”дан биттасини танлашга чақирди.
Шарҳлар