Россия қўшинлари Харьковга зарба берди, 6 киши ҳалок бўлди
Россия қўшинлари 6 апрелга ўтар кечаси Украинанинг Харьков шаҳрига зарба берди, оқибатда олти киши ҳалок бўлди, деб ёзади Meduza шаҳар мэри Игорь Тереховга таяниб.
Унинг маълумотларига кўра, шаҳарга учувчисиз учар қурилмалар билан ҳужум қилинган. Зарба турар-жой иншоотига тўғри келган. Тўққизта кўп қаватли уй, учта ётоқхона ва бошқа бинолар, АЁҚШ ва ўнта автомобил зарар кўрган. 11 киши яралангани айтилмоқда.
Украина қуролли кучлари хабарига кўра, тунда Россия қўшинлари Украина ҳудудига 32 та зарбдор дрон ва олтита ракета учирган. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа учта ракета ва 28 та дронни уриб туширган.
Россия Мудофаа вазирлиги Харьковга ҳужум юзасидан изоҳ берганича йўқ. Аммо тунда Белгород вилояти осмонида RМ-70 “Вампир” баравар ўт очиш реактив тизимининг ўнта снаряди уриб туширилганини маълум қилди.
Шарҳлар