Россия Харьковни ўққа тутди. Ракеталардан бири беш қаватли уйга келиб тушди, тўрт киши ҳалок бўлди
Россия ҳарбийлари 31 майга ўтар кечаси Украина ҳудудига Shahed-131/136 туридаги тўртта дрон учирди ва Харьковга C-300/C-400 зенитли бошқарилувчи ракеталар билан, Киевга эса “Искандер-К” қанотли ракетаси билан зарба берди. Бу ҳақда Украина Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук маълум қилди, деб ёзади Медуза.
Унинг сўзларига кўра, УҚК Киев, Запорожье, Днепропетровск вилоятлари чегарасида тўртта дронни ҳамда Киев вилоятида “Искандер-К” қанотли ракетасини уриб туширган.
Харьковда ракеталардан бири беш қаватли уйга келиб тушган, натижада учинчи ва ундан юқори қаватлар вайрон бўлган, ёнғин юз берган.
Бошқа ракеталар уй яқинига келиб тушган. Хусусий корхона вайрон бўлган, 20 дан ортиқ кўп қаватли турар жойларга, тез ёрдам ва ёнғин хизмати автомобилларига зарар етган.
Харьков ўққа тутилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, 25 киши жабрланган, уларнинг икки нафари болалардир.
Киевда ҳам бир қатор вайронагарчиликлар келиб чиққан, аммо ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Шарҳлар