Байден пойгадан чиққач ўтказилган илк сўровда Харрис Трампни 2 фоизга ортда қолдирди
Reuters/Ipsos сўрови натижаларига кўра, АҚШ вице-президенти Камала Харрис Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трампни 2 фоизга ортда қолдирмоқда, деб ёзади “Коммерсантъ”. Уни сўров иштирокчиларининг 44 фоизи қўллаб-қувватлади, 42 фоизи эса Трампга овоз берди. Сўров 22—23 июль кунлари, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилиб, ушбу лавозимга Камала Харрис илгари сурилишини қўллаб-қувватлаганидан кейин ўтказилган.
Сўровда қатнашганларнинг қарийб 56 фоизи 59 ёшли Камала Харрис “ўткир ақл соҳибаси ва у қийинчиликларни эплай олади” деб ҳисоблайди. Айни вақтда респондентларнинг 49 фоизи 78 ёшли Дональд Трамп ҳақида шундай фикр билдирди. Демократ сайловчиларнинг 91 фоизи Харрисга нисбатан ижобий муносабатда. Сўров иштирокчиларининг тўртдан уч қисми демократлар унинг номзодини қўллаб-қувватлаши керак, деган фикрда. Респондентларнинг чорак қисми эса номзодини илгари суриш учун бир нечта даъвогарлар кураш олиб бориши керак, деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден 21 июль куни сайловолди пойгасидан чиқиш қарори ҳақида эълон қилди. Ўз ўрнига у Камала Харрис номзодини таклиф қилди, у эса Демократик партиядан президентликка номзодини илгари суриш учун демократларнинг етарлича овозини қўлга киритди. Associated Press ўтказган сўровга кўра, унга 2579 нафар делегат овоз беришга тайёр (аслида 1976 та овоз йиғиш зарур).
Шарҳлар