Порахўрликда гумонланаётган Россия мудофаа вазири ўринбосарининг мол-мулки хатловга олинди
Москвада суд Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ва қариндошларининг кўчмас мулки, активлари ва банк ҳисобларига нисбатан таъминловчи чораларни амалга оширди. Бу ҳақда “ТАСС” ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб хабар берди.
Агентлик суҳбардошига кўра, Тимур Иванов, унинг рафиқаси, собиқ рафиқалари ва беш нафар фарзанди, шу жумладан, асраб олинган болалари номига рўйхатдан ўтказилган активлар хатловга олинган. Хатланган мол-мулк қиймати маълум қилинмаяпти.
Тимур Иванов 24 апрелдан буён ўта йирик миқдорда пора олганлик тўғрисидаги жиноий иш бўйича “Лефортово” тергов изоляторида сақланмоқда. “ТАСС” манбаларига кўра, тергов фикрича, Иванов 2018—2023 йилларда бир миллиард рублдан ортиқ суммага тенг турли хизматлар шаклида пора олган.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу Тимур Ивановни вазир ўринбосари лавозимидан четлаштирди.
Баъзи манбаларга кўра, Иванов давлатга хиёнатда гумонланмоқда, аммо бу маълумот тасдиқлангани йўқ.
Шарҳлар