Исроилда “мияни еб қўювчи” амёба туфайли бир эркак вафот этди
Исроилда “мияни еб қўювчи” Naegleria fowleri ноёб амёбаси келтириб чиқарган энцефалит оқибатида иккинчи одам вафот этди, деб ёзади “РБК”.
Маҳаллий касалхона берган маълумотларга кўра, амёба эркакнинг организмига Тивериададаги Гай пляжида чўмилиш чоғида кириб олган бўлиши мумкин. У 4 июль куни иситма, бош оғриғи ва қайт қилиш симптомлари билан касалхонага келтирилган. Сўнг унинг аҳволи ёмонлашиб, охир-оқибат вафот этган.
Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги эркак дам олган пляж сувидан намуна олиб текширган, аммо Naegleria fowleri амёбаси белгиларини топмаган.
Исроилда бундан аввалги ҳолат 2022 йил августида содир бўлган, ўшанда бир эркак худди шу амёба оқибатидаги мия инфекциясидан кўз юмган.
Хавфли амёба асосан АҚШнинг жанубий штатлари, Ҳиндистон ва Покистонда учрайди. Иссиқ ҳавода кўл ва дарёларда чўмилиш чоғида бундай амёбани юқтириш хавфи ошади. У одам организмига сув билан бирга бурун орқали кириши ва мия инфекциясини келтириб чиқариши мумкин.
Шарҳлар