Португалия Украина билан хавфсизлик бўйича битим имзолади
Украина президенти Владимир Зеленский ва Португалия бош вазири Луиш Монтенегру 28 май куни Лиссабонда хавфсизлик бўйича икки томонлама битим имзолади, деб ёзади DW.
Ҳужжат 10 йилга мўлжалланган. Монтенегру Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида таъкидлашича, битим доирасида унинг мамлакати Киевга жорий йилда Россия тажовузидан ҳимояланиш учун 126 миллион евро ажратади ва ундан кейин ҳам Украинани “қанча талаб этилса, шунча” қўллаб-қувватлайди.
Аввалроқ Зеленский Евроиттифоқ ва НАТОнинг бошқа аъзолари билан ҳам хавфсизлик бўйича худди шундай битимларни имзолаганди: 27 май куни Испания, 28 май куни эса Бельгия билан.
Украина билан хавфсизлик бўйича икки томонлама битимлар имзоланиши “Еттилик гуруҳи” мамлакатлари ташаббуси билан юз бермоқда. 2023 йилда НАТОнинг Вильнюсдаги саммити фонида G7 мамлакатлари баъзи давлатлар Украина хавфсизлигининг узоқ муддатли кафолатланишини таъминлаш учун у билан икки томонлама битимлар имзолаши ҳақида келишиб олган эди. Шу йил бошида Буюк Британия, Франция ва Германия биринчилардан бўлиб шундай келишувни имзолади.
Шарҳлар